Хоразмда газ таъминоти учун фирибгарлик билан пул ундирилгани маълум қилинди

Хоразм вилоятида аҳолидан табиий газ таъминоти учун ундирилган маблағларни қўлга киритган оилавий корхона раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Tez Newsʼга Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: fantimon.gov.uz

Хабарга кўра, «С.» оилавий корхонаси раҳбари С.Б. Yangiariqtumangaz газ таъминоти бўлимига қарашли бинода шартнома асосида Paynet тизими агенти сифатида аҳолидан хизматлар учун тўловларни қабул қилиш фаолиятини йўлга қўйган. 2020 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ҳудуддаги 183 та хонадондан табиий газ таъминоти учун қабул қилинган 46,6 млн сўмни истеъмолчининг шахсий ҳисоб-рақамларига ўтказмасдан фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Б. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Мирзо Улуғбек туманининг айрим ҳудудлари вақтинчалик газсиз қолиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар