Андижонда коронавирусга чалинган 63 ёшли бемор вафот этди

Коронавирусга чалинган андижонлик 63 ёшли бемор вафот этди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон туманида яшаган 63 ёшли Б.П. (эркак)да COVID-19 тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, 2016 йилда бўлган инфарктдан сўнги кардиосклероз, гипертония, артериал гипертензия, қандли диабет, диабетик ангиопатия ва нефропатия каби ҳамроҳ хасталиклари билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Маълумот учун, 2 август ҳолатига кўра, коронавирусдан вафот этганлар Ўзбекистонда 149 нафарни, Андижонда эса 2 нафарни ташкил этмоқда.

Андижон вилоятида жами 1017 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 894 нафари касалликдан соғайган.

Аввалроқ Aндижонда коронавирусга чалинганлар сони 1000 кишидан ошгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар