Фарғона ИИБ ички ишлар ходимлари томонидан калтакланган ўқитувчи ишига муносабат билдирди

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган «Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди» сарлавҳали хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, мазкур хабар ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам, 26 июль куни Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабида компютер ўғирланиши билан боғлиқ ҳолат содир этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

«Хабарда келтирилганидек, ички ишлар органлари ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Ш.Ж.ни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади», — дейилади ИИБ муносабатида.

Aввалроқ Халқ таълими вазирлиги «сўконғич ўқитувчи» видеосига расмий муносабат билдиргани ҳақда хабар берилганди. Таъкидланишича, халқ таълими тизимида бундай ўқитувчи фаолият юритмайди.

Янгиликлар