«Тўхтаниёз ота» компанияси асосчиси Мухторҳожи Тўхтаниёзов вафот этди

Ўзбекистоннинг энг биринчи ва муваффақиятли фермер хўжаликларидан бири «Тўхтаниёз ота»нинг асосчиси Мухторҳожи Тўхтаниёзов 1 август куни вафот этди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос-блогер Отабек Маҳкамов ўзининг Instagram’даги саҳифасида хабар берди.

Фото: Instagram

«Aфсуски, менинг ҳаётимда ҳеч қачон бувам бўлмаган ва Мухторҳожи Тўхтаниёзов ўз меҳри, эътибори ва ‘қорнинг тўқми?’ деган саволлари билан мен учун бобом ҳамда жуда ҳам меҳрибон ва самимий инсон бўлиб юрагимдан жой олганлар.

Мухторҳожи дода ҳам диний, ҳам дунёвий билимлари чуқур, дунёқарашлари эса кенг инсон эдилар ва улар билан соатлаб суҳбат қуриб одам туймас эдим. Энди эса бизнинг барча суҳбатларимиз тарихга айланди.

Ҳурматли, Мухторҳожи дода, сиз яшаб ўтган жудаям кенг ва маъноли ҳаётингиз давомида бизга берган маслаҳатларингиз учун катта раҳмат. Жойингиз жаннатда бўлсин», — деб ёзган Отабек Маҳкамов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Aнвар Кенжаев ҳамда Aбдурайим Aбдуваҳобов вафот этгани ҳақда хабар берилганди.