Аргентинада сув тошқини сабаб 7 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди
Буэнос-Айрес провинциясида уч кундан бери кучли ёмғир оқибатида сув тошқини юзага келди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Ҳудудда ҳар квадрат метрга 400 ммгача ёғингарчилик ёққан, бу ойлик нормадан анча юқори.
Хабарга кўра, қутқарув ишларида 300 га яқин ўт ўчирувчи, фуқаролик мудофааси кучлари ва полиция ходимлари иштирок этмоқда. Улар сув кемалари, резина қайиқ ва каяклардан фойдаланиб одамларни эвакуация қилмоқда.
Шунингдек, Кампана ва Сарате шаҳарлари сув тошқинидан катта зарар кўрган. Буэнос-Айреснинг айрим йўллари ва қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган. Кампана шаҳрида бир неча оила уйларининг томида тунасшга мажбур бўлган. Бир автобус пойтахтни ички ҳудудларга боғловчи йўлда 10 соатдан ортиқ тўхтаб қолган.
Губернатор Аксел Кисилоф иқлим ўзгариши мазкур фалокатли об-ҳаво аномалиясига сабаб бўлганини таъкидлаган.