Дунёда 300 млн кишига очлик хавф солмоқда

Дунёда озиқ-овқат танқислиги сабаб тахминан 300 млн одам очликдан ўлиши мумкин. Бу ҳақда The Guardian нашри янги таҳлилларга таяниб хабар берди.

2024 йилда урушлар, гуманитар ёрдамнинг қисқариши, иқлим ўзгаришлари ва иқтисодий муаммолар сабабли 13,7 млн киши сурункали озиқ-овқат танқислиги ҳолатига тушди. Ҳозир ҳам «кучли озиқ-овқат танқислиги» даражаси юқори бўлган одамлар сони ошиб бормоқда.

Озиқ-овқат инқирозлари бўйича сўнгги глобал ҳисоботга кўра, кўрсаткич 295,3 млн кишига етди. Бу 53 мамлакат аҳолисининг қарийб чорак қисмини — 22,6% ини ташкил этади. Уларнинг 95% дан ортиғи Ғазо сектори ёки Суданда истиқомат қилади. 

Судандаги фуқаролар урушининг кучайиши расмий очарчилик эълон қилинишига сабаб бўлди — бу ерда 24 млндан ортиқ киши озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келмоқда. 

Март ойида Ғазо секторига барча ўтиш йўлларининг ёпилиши ва икки ойлик ўт очиш режимининг бузилиши озиқ-овқат таъминотини янада қийинлаштирди. Исроилнинг гуманитар ёрдам блокадаси сабаб 2,1 млн атрофидаги аҳоли очликнинг «критик хавфи» остида қолди.

Мутахассислар 19 мамлакатда, жумладан Мянма, Нигерия ва Конго Демократик Республикасида можаролар озиқ-овқат хавфсизлигини янада ёмонлаштираётганини таъкидлашмоқда.

Бундан ташқари, иқлим инқирози натижасида Эфиопия, Кения, Сомали, Афғонистон ва Покистонда қурғоқчилик шароитлари оғирлашиши кутилмоқда. USAID молиялаштиришни тўхтатиши сабаб Судан, Ямайка ва Гаити каби давлатларда 14 млндан ортиқ болалар учун озиқ-овқат хизматлари тўхтаб қолди, бу эса уларнинг қашшоқлик ва ўлим хавфини оширмоқда.

 

Жаҳон