Россия ва Украина делегациялари Истанбулда юзма-юз музокара ўтказди
Россия ва Украина вакиллари 16 май куни Истанбулда учрашиб, сўнгги уч йилдаги илк бевосита тинчлик музокараларини ўтказди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Учрашув Туркиянинг Долмабаҳче саройида бўлиб ўтди. Музокарада Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан иштирок этиб, томонларни тинчлик сари қадам ташлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу учрашув икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бўлажак мулоқотга замин яратиши мумкин.
Музокарада Украина делегацияси ҳарбий кийимда, Россия вакиллари эса костюмда қатнашди. Украина томони урушни тўхтатиш учун 30 кунлик ўт очмаслик режими, ўғирлаб кетилган болаларни қайтариш ва ҳарбий асирларни алмашишни асосий шарт сифатида илгари сурди.
Россия эса дипломатик ечим тарафдори эканини билдирган бўлса-да, Украинани паузадан фойдаланиб, куч тўплашга уриниши мумкинлигидан хавотир билдирди. Украина ва Ғарб давлатлари эса Россияни вақт ютишга уринишда айбламоқда.
Учрашув арафасида АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва президент Трампнинг махсус вакили Кит Келлогг Истанбулда бўлиб, алоҳида дипломатик учрашувлар ўтказди. Рубио музокараларда муҳим бурилиш рўй беришига шубҳа билдирган.
Учрашув бошланиши арафасида Украина шаҳри Днепрда портлашлар ва ҳаво ҳужуми ҳақида хабарлар тарқалди. Россия эса шарқий Украина ҳудудида яна бир қишлоқни эгаллаганини эълон қилди.