Тошкентда 57 ёшли аёл ва 43 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди

Тошкент шаҳрида 43 ёшли эркак ва 57 ёшли аёл коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Биринчи ўлим.  Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 43 ёшли Р.А. (эркак) 27 июль куни оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил стенокардия каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Пойтахтлик 57 ёшли Р.К. (аёл)да 21 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва шифохонага ётқизилган.

Хабар берилишича, беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, инфекцион токсик шок асоратлари билан кечган. Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган. Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, инфекцион токсик шокдан вафот этган.

Маълумот учун Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 2 август 23:00 ҳолатига кўра, 153 нафарни ташкил этмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 300 нафарга яқин беморда коронавирус аниқлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар