Душанбеда бўлиб ўтган Ўзбекистон—Тожикистон бизнес-форумида 724 млн долларлик савдо битимлари имзоланди

Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон—Тожикистон бизнес-форумида 724 миллион долларлик савдо битимлари имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 29 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Тожикистонга ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамраисликларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Тожикистон Ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, йиғилишда икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этган. Тадбир давомида томонлар инвестициявий, савдо, банк-молия, илмий-маърифий, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва келгусидаги кенгайишининг масалаларини муҳокама қилган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ҳукуматлар раҳбарлари иштирокида олиб борилган мулоқот ҳамкорлик қилиш учун ўзаро манфаатли соҳаларни аниқлаш, қўшма лойиҳаларни илгари суришни жадаллаштириш учун қадамларни белгилаш ва келгусидаги идоралараро ҳамкорлик қилиш форматини келишиб олиш имконини берган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Йиғилишда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилган. Томонлар енгил саноат, озиқ-овқат, электротехника тармоқлари, машинасозлик, фармацевтика ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида янги саноат кооперацияси лойиҳалари устида биргаликда ишлашга келишиб олган.

Шунингдек, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишига қарамай, Ўзбекистон ва Тожикистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар турларини ва етказиб бериш хажмини кенгайтириш орқали ўзаро мутаносиб ва манфаатли асосларда савдо ҳажмини ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Шу муносабат билан, савдо қилиш жараёнларини енгиллаштириш, мавжуд тўсиқларни биргаликда бартараф этиш ва савдо айланмаси тузилмасини диверсификациялашга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш бўйича эксперт маслаҳатлашувларини ўтказиш, ҳар икки мамлакат ҳудудларида савдо уйларини ташкил этиш масаласи устида ишлаш каби ўзаро савдо-сотиқнинг ўсишини таъминлаш бўйича кейинги ҳаракатлар келишиб олинган.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш чоғида томонлар божхона ва чегара назорати тартибларини оптималлаштириш, шунингдек, темир йўл инфратузилмаси объектларини қуриш, модернизация қилиш ва жиҳозлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги тўғрисида келишилган.

Йиғилиш доирасида таълим, фан, соғлиқни сақлаш, туризм, маданий алмашинув, спорт, миграция ва аҳоли бандлиги соҳаларида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалари кўриб чиқилган.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишидан сўнг Ўзбекистон—Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтган ва унинг якунлари бўйича умумий қиймати 724 миллион долларлик 308 та инвестициявий ва савдо битимлари имзоланган.

Янгиликлар