Фарғонада уч дона телевизор сотиб олиб, пулини бермаган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона шаҳрида танишидан 3 дона телевизор сотиб олиб, пулини охиригача тўламай, уларни бошқасига сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 февраль куни фуқаро А.Д. таниши К.У.нинг ишончига кириб, умумий нархи 12 миллион сўмлик 3 дона «Artel» русумли телевизорини сотиб олишга келишган. Бироқ берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган телевизорларни бошқа шахсга сотиб юборган. Пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилган. Таъкидланишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллонлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар