Ғиждувонда уйида салкам 2 минг литр яроқсиз ва сифатсиз ёғни қадоқлаб сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшаш уйи ҳовлисида 1810 литр яроқсиз ва сифатсиз ёғни қадоқлаб сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган «Пахта—2020» йиғим терим мавсуми мобайнида жамоа тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хафвсизлигини таъминлаш ҳамда етиштирилган пахта ҳосилини талон-торож қилиниши ва ноқонуний равишда четга олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш борасидаги талабларга асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар томонидан вилоят ҳудудида тезкор профилактик огоҳлантирув тадбирлари ташкил эттирилмоқда.

Маълум қилинишича, 28 сентябрь куни вилоятнинг Ғиждувон тумани «Вазиршоҳ», «Бўктарой» ҳамда «Лаброд» маҳаллаларида яшовчи 150 дан ортиқ хонадонда фуқаролар билан шу каби профилактик тадбир ўтказилди. Мазкур тадбирга вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ва давлат солиқ бошқармасининг 50 нафар ходими 2 та гуруҳга бўлиниб фаолият олиб борган.

Хабарда айтилишича, ўтказилган тезкор профилактик тадбир давомида «Бўктарой» маҳалласи Лабрўдчи қишлоғида яшовчи фуқаронинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, уйида 1810 литр яроқсиз ва сифатсиз ёғ маҳсулотларини 5 литр ҳажмдаги елим идишларга қадоқлаб ноқонуний равишда, тегишли ҳужжатларсиз сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, жараёнда мазкур ноқоқнуний маҳсулотлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда туман ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда август ойида қарийб 460 миллион сўмга тенг 31 та божхона қонунбузилиши ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда хориждан қайта олиб чиқиб кетиш шарти билан киритилган «Mercedes»ни сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар