Қўшработда йўлга ташлаб кетилган номаълум жасаднинг Зармитан олтин конидаги ўғриликка алоқадорлиги аниқланди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида йўлга ташлаб кетилган номаълум жасаднинг Зармитан олтин конидаги ўғриликка алоқадорлиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Қайд этилишича, 30 сентябрь, чоршанба куни соат тахминан 02:30 атрофида Қўшработ тумани «Булоқбоши» МФЙ ҳудудида жойлашган туман тиббиёт бирлашмаси олдидан ўтувчи автомобиль йўлининг четидан тумандаги «Қуролос» МФЙда яшовчи, 30 ноябрь 2000 йилда туғилган фуқаро С.С.нинг мурдаси тан жароҳатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов-тезкор гуруҳи томонидан воқеа жойига борилган, мурда топилган жойдан 1 дона малла рангли ёпинғич (адёл), 1 дона тўқ кўк рангли олд ўнг томонида «НГМК» ёзуви мавжуд бўлган китель топилган.

Марҳумни ўлими сабабини аниқлаш учун унинг мурдаси СТЭ текширувидан ўтказилган. Текширувнинг дастлабки маълумотномасида мурдада кўкрак ва қориннинг ёпиқ жароҳати, ўпка, жигар диофрагманинг, юрак халтасининг эзилиб мажақланиб йиритилиши, икки томонлама кўплаб қовурғаларнинг ёпиқ синиши, умиртқа поғонасини икки жойидан ёпиқ синиши, чаноқ суякларини ёпиқ синиши каби жароҳатлар аниқланган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида марҳум 29 сентябрь, сешанба куни соат тахминан 20:30 да бир неча нафар танишлари билан туман ҳудудидаги «Зармитан» олтин конининг қўриқланадиган ҳудудидан яширин равишда таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ўғирлаш мақсадида конга тушган.

Фото: Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Сўнгра марҳум тошларни қазиб олаётган вақтида тош ўпирилиб устига тушганлиги оқибатида вафот этган. Кейинчалик унинг ёнида бўлган танишлари қўрқиб қолишганлиги учун С.С.ни автомашинада туман тиббиёт бирлашмасидан тахминан 50-60 метр узоқликга олиб келиб, марҳумнинг танасини йўл четига жойлаштирган ҳамда бу ҳақида туман тиббиёт бирлашмасига гуёки йўл четида бир киши ётганлиги ҳақида хабар берган.

Тиббиёт бирлашмаси ходимлари марҳум ётган жойга келиб, уни текширишганда вафот этганлигини аниқланган. Марҳум билан бирга «Зармитан» олтин конининг қўриқланадиган ҳудудига яширин равишда кирган шахсларнинг кўрсатувлари асосида С.С.ни тош босган жой кўздан кечирилган ва қонга ўхшаш доғлар олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қибрайда чамадон ичидан топилган жасад бўйича янги тафсилотлар маълум қилинган эди. Кейинчалик Наманган шаҳрида МИБ томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Туркияда шубҳали ўлим топган Нодира Қодированинг хонасида олинган видеолавҳа эълон қилинди.