Қўштепа тумани ҳокими ўтказган сайёр қабулда 11 та мурожаат ўрганилди
Фарғона вилояти Қўштепа туманида 2 октябрь, жума куни «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида Қўштепа тумани ҳокими Илёсбек Новиковнинг сайёр қабули ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Таъкидланишича, қабулда тумандаги ташкилот раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этган. Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Илёсбек Новиковнинг фуқаролар билан юзма-юз мулоқоти давомида 11 нафар фуқаро ишга жойлашиш, банкдан имтиёзли кредит олиш, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш, интернет сифатини яхшилаш учун шиша толали тармоқ тортиш ва бошқа ўзларини қийнаётган масалалар бўйича мурожаат қилган.
«Фуқароларнинг арзи-ҳоллари туман ҳокими томонидан диққат билан тингланиб, бу ҳолатлар масалага дахлдор раҳбарлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, аксарият мурожаатларда келтирилган муаммолар жойида ҳал этилиб, мурожаатчининг талаби қондирилган. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича эса тегишли мутасаддиларга топшириқлар, мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунчалар берилган.
Аввалроқ Бўстон тумани ҳокими ўтказган қабулда 14 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани ва Ғиждувон тумани ҳокими ўтказган қабулда 20 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилганди.