Асака тумани ҳокими тадбиркорнинг ерини олиб қўймоқчилиги айтилган хабар рад этилди

Асака тумани ҳокими 1 ноябрь куни тадбиркорнинг ерини олиб қоймоқчилиги айтилган мурожаатга муносабат билдирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 ноябрь, якшанба куни ижтимоий тармоқларда «Туман ҳокими тадбиркорнинг ерини олиб қўймоқчи» сарлавҳаси остида мурожаат тарқалган. Мазкур мурожаат туман архитектура бўлими томонидан ўрганиб чиқилган.

Таъкидланишича, Асака тумани «Камолот» маҳалласи, Тўқимачилар кўчасида жойлашган Асака шаҳрига туташ ҳудудларда ҳайвон ва қурилиш материаллари бозорларини амалдаги санитария меъёрлари ва қоидаларига асосан жойлаштирилиши кўзда тутилмагани айтилган.

Шунинг учун ҳудуддаги ем-хашак ва ёғоч-тахта бозорлари ўрнидаги жами 1,70 гектар ерда намунавий лойиҳадаги 5 дона 5 қаватдан кам бўлмаган кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши режалаштирилган. Қурилиши режалаштирилган мазкур кўп қаватли турар жой биноларининг таклифий лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ бош лойиҳа институтининг 2016 йил 28 июндаги келишув хулосасига асосан ҳайвон бозори учун 1,5 гектар, ёғоч-тахта бозори учун 2,5 гектар, жами 4,0 гектар ер майдони «Шарқ ҳақиқати» массиви, «Юқори Бўз» маҳалласи ҳудудидан ажратилиши режалаштирилган. Улар ўрнидаги ер майдонларига янгиланган намунавий лойиҳадаги замонавий кўп қаватли турар жой биноларини жойлаштириш таклифий лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги маълум қилинади.

Тадбиркор томонидан ҳужжати борлиги айтилган ер майдони аслида ноқонуний эканлиги аниқланди. Фуқаро томонидан 23,14 сотих ер эгаллаб олинган. Шу майдондан 6 сотихига қонуний ҳужжати мавжуд. Боз устига ноқонуний эгаллаб олинган ерлар мумкин бўлмаган юқори кучланишли электр симлари остига тўғри келган. Мурожаатни ўрганиш якунларига кўра, фуқаронинг мурожаатда кўрсатиб ўтган важлари ўз исботини топмади.

Аввалроқ Избосканда ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олаётгани рад этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар