Андижонда 90 ёшли аёл ва чақалоқнинг қурилишда яшаётгани айтилган хабар юзасидан ўрганиш бошланди

Андижон шаҳар ҳокимлиги «Новости Узбекистана» сайтидаги «Андижонда 90 ёшли аёл ва янги туғилган чақалоқ қурилишда яшашга мажбур» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳокимлик матбуот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, юқоридаги ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўрганиш якунлари тўғрисида батафсил ахборот берилалади.

«Фуқаро София Габбасова «Мустақиллик» МФЙ, Б.Рахимов кўчаси 18-умумий ҳовлида яшаб келади. Унинг оила аъзоларига апрель ойида саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, «темир-давфтар» рўйҳатида бўлганлиги сабабли оила аъзоларига ҳам август ойида 1 100 000 сўм бир марталик моддий пул, 16 ёшга тўлмаган фарзанди учун 500 000 сўм пул маблағи етказиб берилган. Бундан ташқари, ҳудуд депутати томонидан моддий ёрдам маблағлари ва ҳомийлик ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари берилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижонда COVID-19’га чалинган ҳомиладорларнинг ерда ётгани айтилган ҳабар юзасидан ўрганиш бошлаганди. Кейинчалик, ҳокимлик ушбу вазиятни ўрганиб, суратда кўрсатиб ўтилган фуқаро ўз хоҳиши билан махсус жойда ёта олмаслиги сабабли ерга тўшак солган ҳолда ётишни сўраганлигини аниқлаган.

Янгиликлар