Ўзбекистон фуқароларини Суриядаги террорчилик ташкилотига жўнатиб келган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон фуқароларини Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилиш учун жўнатган самарқандлик фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Х. 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушган. У ерга Ўзбекистондан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Олий суднинг 2016 йил 26 cентябрдаги қарори билан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Аввалроқ Фарғонада тақиқланган диний маърузаларни тарқатиб келган 18 ёшли йигит суд қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада Telegram орқали ИИБ ходимини «жиҳод»га ундаган 22 ёшли қиз қўлга олингани ҳақида хабар берилган.