«Бош айланиши аритмия, инсульт ёки саратоннинг аломати бўлиши мумкин» — профессор Ёқутхон Мажидова

Одатда бош айланишига кўпчилик эътиборсизлик билан муносабатда бўлади. Аммо бу ҳолат жиддий касалликларнинг аломатлари ҳам бўлиши мумкин — аритмия ва инсультдан тортиб, саратонгача бўлган хасталикларнинг аломати ҳисобланади. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидованинг бош айланишининг аломатлари, сабаблари ҳақида маълумот берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Инсонда бош айланиши энг кўп кузатиладиган касаллик ҳисобланади. Баъзан инсон турган жойида қалқиб кетиб, атрофдаги буюмлар ўзи билан бирга ҳаракатлангандай туюлади. Ҳатто чирпирак бўлиб айланганди. Бош айланиши ҳар қандай ёшдаги кишида кузатилиши мумкин. Аммо кекса ёшдагилар — 70 ёшдан ошган инсонларнинг 20 фоизигача бўлган қисмида бош айланиши тез-тез безовта қилиб туради. Катта ёшлилар орасида аёлларда эркакларга нисбатан кўпроқ кузатилади.

Инсульт сабабли бош айланганида қандай ҳолат кузатилади?

Бирданига ҳолсизлик, кўриш ёки эшитиш, нутқнинг бузилиши билан кечадиган бош айланиши ҳам бор. Бундай ҳолат инсультни билдиради. Агар беморнинг нутқи ўзгариб, юз симметрияси бузилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки инсульт касаллигида бутунлай тузалиб кетиш тахминан 16 фоизга тенг, қолган 84 фоиз ҳолатда беморнинг ўлими ёки ногиронлик билан тугалланади.

Бош айланишининг хавфли ва хавфсиз кўринишлари

Агарда алкоголдан заҳарланиш, дори воситаларининг ножўя таъсири, сувсизланиш, қизиб кетиш ёки иссиқ уриши, автомобиль, поезд ёки кемада сайр қилиш, камқонлик, қонда қанд миқдорининг пасайиб кетиши, қон босимининг тушиб кетиши, бирданига кўп жисмоний машқлар бажариш, қулоқ инфекцион касалликлари туфайли бош айланиши қисқа давом этса, бу инсон учун зарарсиз бўлади.

Дейлик, бошнинг тез–тез ва узоқроқ айланиши қулоқнинг жиддийроқ касалликлари (вестибуляр нервнинг вирусли инфекциялари, лабиринтит)да учрайди. Бундай бош айланишига беътибор бўлмаслик керак. Чунки бу ҳолатда касаллик белгиларсиз бошланиб, инфекциянинг мияга ўтиб кетиш хавфи юқори бўлади.

Ўтирган жойдан турилганда қисқа вақтли ортостатик бош айланиши кўп учрайдиган ҳолат

Кўпинча бу организмда суюқлик етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли куннинг иссиқ вақтларида кўпроқ суюқлик ичиш керак. Агар сувсизланиш йўқ бўлиб, ортостатик бош айланиши бўлса, юрак ритмининг бузилиши ёки юрак етишмовчилиги бўлиши мумкин.

Бош айланиши билан бирга кучли бош оғриқлари, юришнинг қийинлашиши ва йиқилиш, кўнгил айниши ва қусиш, ҳушдан кетиш, нафас олишнинг қийинлашиши, бўйин мускулларининг тортишиши ва талвасалар кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак

Янгиликлар