Ўзбекистон 2020 йилнинг 11 ойи давомида қанча миқдорда банан импорт қилгани маълум бўлди

Ўзбекистон 2020 йилнинг 1 декабрь ҳолатига хориждан 31,9 минг тонна банан импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 3,4 минг тоннага кам, деб хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати.

Фото: «My Alexandriya»

Қайд этилишича, 2020 йилда Ўзбекистонга банан асосан Эквадор давлатидан (29,8 минг тонна) олиб кирилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 11 ой мобайнида Ўзбекистон бананни энг кўп импорт қилган давлатлар:

  • Эквадор – 29,8 минг тонна;
  • Россия – 624,9 тона;
  • Қозоғистон – 548,3 тонна;
  • Хитой – 231,2 тонна;
  • Қирғизистон – 223,5 тонна;
  • Туркия – 213,5 тонна.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг ноябрь ойида 5,4 минг тонна банан импорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда бананнинг Ўзбекистонга Хитойдан олиб кирилиши ва уларда коронавирус инфекцияси борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Шундай хабарлар фонида унинг нархи кескин тушиб кетди. Кейинчалик Ўзбекистон учун мўлжалланган бананлар, асосан, Россияда сараланиши, Санкт-Петербург орқали Эквадордан келтирилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов коронавирус озиқ-овқат, мева-сабзавот ёки гўшт маҳсулотлари орқали юқмаслигини билдирган.

Янгиликлар