Ўзбекистонда телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рйўхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори билан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида мобиль қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъи назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, агар мобиль қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

  • мобиль қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
  • IMEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобиль қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
  • белгиланган шаклдаги анкетани тақдим этиши.

Қарорга мувофиқ, агар мобиль қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг бошқа слоти IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар мобил қурилмалари IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун Ташқи Ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига аризани илова қилган ҳолда мурожаат қилади. Бунда дипломатик ваколатхоналар томонидан дипломатик почта орқали олинмаган тақдирда аризага божхона юк декларацияси ёи божхона кирим ордери тақдим этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, давлат божхона қўмитаси IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишда келиб чиқаётган муаммолар юзасидан муносабат билдиргани ҳамда Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани маълум қилинди.

Янгиликлар