Тошкент—Теҳрон йўналишида халқаро автобус қатнови йўлга қўйилади

«Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони 28 декабрь, душанба куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Лойиҳага кўра, 2021 йилда Тошкент—Бухоро—Машҳад—Теҳрон халқаро автобус йўналишини амалга ошириш учун Эрон Ҳукумати билан транзит рейслар бўйича келишувга эришиш чоралари кўрилади ва келгусида мазкур йўналиш бўйича халқаро автобус маршрути йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2021 йил апрель ойигача ўзбек диаспораси истиқомат қиладиган қўшни мамлакатларнинг йирик шаҳарлари — Ўш, Жалолобод, Туркистон, Чимкент, Душанбе, Хўжанд, Мозори Шарифдан туризм салоҳияти юқори бўлган Ўзбекистон шаҳарларига автобус маршрутларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилади.

Бундан ташқари, фармон кучга кирганидан сўнг бир ҳафта муддатда Транспорт вазирлиги ҳамда «Uzbekistan Airports» «Pegasus Airlines» авиакомпаниясига Туркия шаҳарларидан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳамда Анқарадан Тошкент шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома расмийлаштирилишини таъминлайди.

Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари томонларнинг келишувига асосан «Ўш—Тошкент» йўналишини амалга ошириш учун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан ўтган магистралда ҳаракатланиш бўйича Тожикистон ҳукумати билан келишувга эришиш чораларини кўрадилар. Келишув натижасига кўра ҳалқаро мунтазам автобус йўналиши ташкил қилинади.

«QANTAS» авиакомпанияси билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида 2021 йил давомида музокаралар олиб борилади. Маълумот ўрнида, лойиҳа муҳокамаси 12 январга қадар давом этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички туризм оқимидан тушадиган даромадни соҳани ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилинганди. Шунингдек, Навоий вилояти туризм соҳаси Туркия давлати билан хамкорликда ривожлантирилиши хабар қилинганди.