Қаттиқ совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилади

Бугун, 3 феврал куни Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида тадбиркорлар билан учрашди.

«Бу йил қиш ниҳоятда совуқ келди. Кўплаб тадбиркорлар бундан қийналганини билиб турибман», — деди Президент.

Республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида 7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган (уларда 350 минг аҳоли банд). Ҳисоб-китобга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача).

«Олдимизда долзарб вазифа — «қаттиқ совуқ» оқибатларини бартараф этиб, бизнес фаолиятини тезроқ изга тушириш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бугун алоҳида Президент қарори имзоланган.

Жумладан:

  • 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади;
  • 29 мингта тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва “пеня”сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
  • қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади;
  • носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;
  • 27 мингта тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади);
  • давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва “пеня” 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;
  • ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.

Янгиликлар