Ўзбекистонда коронавирусни даволашда ишлатилаётган «Гидроксихлорохин» дорисининг ўлим хавфини ошириши тан олинди

АОКА мажлислар залида 3 август, душанба куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда коронавирусни даволашда ишлатилаётган «Гидроксихлорохин» дорисининг ўлим хавфини оширишини тан олди.

«Клара Ёдгорова айтган ‘Гидроксихлорохин’ дорисининг ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлари йўқ эмас. Юрак ритмининг бузилишига мойиллиги бор инсонларда бу хавф сақланиб қолади.

Лекин энг асосий кўрсаткич — бу тажриба. Бизда ҳозир ўзимизнинг тажрибамиз бор. Клиникада ‘Гидроксихлорохин’ истеъмол қилган ва истеъмол қилмаган оғир аҳволдаги беморларда фарқ кузатиляпти», — дейди Ҳабибулла Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Миллий» телеканалидаги «Тез ёрдам» кўрсатувида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вакили Клара Ёдгорова «Гидроксихлорохин» дорисининг зарари ҳақида гапириб, ушбу дорининг беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини айтган ва 13 июль куни ушбу дори Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан даволаш протоколидан олиб ташланганини маълум қилганди.

Аммо кейинчалик, «O‘zbekiston 24» телеканалидаги лавҳада «Гидроксихлорохин» дорисининг Ўзбекистонда коронавирусни даволашда самара бераётгани айтилган.

Янгиликлар