Андижонда 72,6 млн сўм маблағни талон-торож қилган боғча мудиралари етказилган зарарни қоплади

Яқинда Андижон вилоятидаги боғча мудираларининг «ноқонуний» ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабарлар тарқатилганди. Мактабгача таълим вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Тарқатилган хабарларда мудиралар ‘қийин аҳволда юрганликлари’, ‘ўта оғир руҳий сиқилишларга дуч келганлари’ қайд этилган. Уларнинг талқинида гўёки ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганлар орасида Қўрғонтепа туманининг 2-МТМ мудираси, Андижон шаҳридаги 25-МТМ мудираси бор», — дейди вазирликнинг Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.

Маълум бўлишича, Қўрғонтепа туманининг 2-МТМ мудираси 39,9 миллион сўмни, Андижон шаҳридаги 25-МТМ мудираси 32,7 миллион сўмни талон-торож қилган.

Прокуратура уларга нисбатан жиноий иш қўзғатган, аммо мудираларнинг ўз айбини тан олганлиги ва етказилган зарарни бартараф этганлиги сабабли жиноят иши тугатилган.

«Бу каби собиқ мудиралар астойдил МТТларга қайтишга ҳаракат қилмоқдалар, аммо МТВ ташаббуси билан қонунбузарларнинг мактабгача таълим тизимига раҳбар лавозимига қайта олинмаслиги қонун билан чегараланган», — деб таъкидлади Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.

Аввалроқ ШҲТнинг Самарқанддаги саммити учун ажратилган пуллардан 7,4 миллиард сўмдан ортиғи талон-торож қилингани, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси мансабдорлари 2,8 миллиард сўмни талон-торож қилгани фош этилган эди.