Данғарада 127 километр узунликдаги ҳаво узатиш тармоқлари таъмирланди (видео)

Фарғона вилояти Данғара туманида 127 километр узунликдаги ҳаво узатиш тармоқлари таъмирдан чиқарилди. Бу ҳақда «Замон» информацион-таҳлилий дастури хабар берди.

Маълум қилинишича, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида вилоят бўйлаб аниқ белгиланган режа асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. «Данғара тумани электр таъминоти» корхонаси туман бўйича 40 мингдан ортиқ истеъмолчига бир сутка давомида 320 минг киловатт/соат электр энергияси етказиб бериб, 493 тонна турли қувватдаги ҳамда 1585 километр узунликдаги 04-10 киловаттли электр узатиш ҳаво тармоқларига хизмат кўрсатади.

«Туманимиздаги 33 та пункт мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 10-04 киловаттли тармоқларимизни дарахт шохларидан тозалаш, синган жойларини алмаштириш, носоз таянчларни тўғрилаш ишлари амалга оширилди. 127 километр ҳаво узатиш тармоқлари таъмирланди», — дейди корхона вакили.

Хабарга кўра, шу кунга қадар Данғара туманидаги «Бойбўта», «Оқтепа», «Навбаҳор» ҳамда «Ғумайда» маҳаллаларида жойлашган трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш, электр узатиш ҳаво тармоқларини соз ҳолатга келтириш ишлари олиб борилган. «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан вилоят бўйлаб жами турдаги қувватдаги 742 дона трансформатор пунктлари таъмирдан чиқарилган. 1852 километр узунликдаги паст кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари ҳамда 205 километр узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Аввалроқ Бухоро туманида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммо масъуллар томонидан ўрганиб чиқилгани, Олтинкўлдаги маҳаллада ёғоч таянчлар ўрнига темир-бетон электр устунлари ўрнатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар