Фарғонадаги учта туманда пахта режаси бажарилди

Фарғона вилоятининг Риштон, Бувайда ва Учкўприк тумани биринчилардан бўлиб, пахта топшириш шартномавий режасини бажарди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, риштонлик пахтакорлар 16 минг 700 тонна хирмон яратиб, режани бажарган. Вилоятда илк бор кластер ташкил этган «Rus-Oʻzbek teks» масъулияти чекланган жамияти ўтган уч йилда пахтачиликда катта тажриба тўплаган.

Шунингдек, Бувайда туманида 2020 йилда 5 минг 120 гектар майдонда агротехник талаблар асосида пахтанинг серҳосил, эртапишар навларини парваришланган. Тажрибали пахтакорлар 16 минг тоннадан ортиқ пахта топшириб, шартномавий режани бажарган бўлса, Учкўприк тумани эса 18 минг 300 тонна пахта хирмонини яратган.

Хусусан, Риштон тумани бўйича 98 та терим отрядларига бирлашган фермер хўжалиги аъзолари бўлиб, улардан 10 минг нафар уюшмаган аҳолидан иборат теримчиларни ташкил этади. Эрта баҳордан 5 минг 950 гектар майдонга «Наманган–77» ва «С-8290» навли чигит қадалиб, барча агротехник тадбирлар олиб борилган. Пахта йиғим-терими мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилган. Меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида теримга жалб қилинганлар учун тегишли шароитлар яратилган. Теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларга муносиб меҳнат шароитини яратиш масалаларига эътибор қаратилган.

Таъкидланишича, ҳирмонни яратишда 150 дан ортиқ пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг ҳиссаси қўшилган. Хусусан, «Одилов Салоҳиддин боғи», «Одилмирзо файзли ери», «Заринабону ерлари», «Ҳасан-Ҳусан ҳосилдор ери» каби фермер хўжаликларида гектарлар ҳосилдорлиги 40—45 центнерни ташкил этган.

Аввалроқ Бухорода Қоровулбозордаги фермер хўжалиги пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажаргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Улуғнордаги фермер хўжалиги пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажаргани маълум қилинганди.

Янгиликлар