Бухорода Қоровулбозордаги фермер хўжалиги пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажарди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги фермер хўжалиги 1-теримнинг ўзидаёқ давлатга 51,6 тоннага пахта топшириб, пахта сотиш бўйича йиллик шартномавий режасини бажарди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, тумандаги «Навбаҳор» маҳалласи ҳудудида фаолият олиб бораётган Шерали Норов раҳбарлигидаги «Шомурод Жаҳонгир замини» фермер хўжалиги 100 фоизга давлат режасини бажарган.
Маълум қилинишича, мазкур фермер хўжалиги 19,6 гектар ерга чигит экиб, биринчи теримнинг ўзидаёқ давлатга 51,6 тонна пахта топшириб, пахта сотиш бўйича йиллик шартномавий режасини бажарган.
Қайд этилишича, давлат режасининг бажарилишида меҳнат қилган теримчилар отряд раҳбарлари, фермер ва туман ҳокимлиги томонидан мукофотланди ва катта қозонда ош пиширилиб теримчиларга тарқатилди.
Эслатиб ўтамиз, Aндижон ва Бухоро вилоятларида 15 cентябрдан, Самарқанд вилоятида эса 25 cентябрдан пахта терими бошланиши маълум қилинган.