Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 3 октябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 35 миллионга яқинлашди.
«Worldometers»нинг 3 октябрь, шанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 34 961 633 киши;
- касалликдан тузалганлар — 25 986 779 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 035 033 кишини ташкил этади.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 3 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 58 238 ташкил этмоқда.
Кун давомида Қўқон шаҳар ХТБ ходимларида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилгани маълум қилинган.
Мамлакатда 3 октябрь куни 462 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 323 таси Тошкент шаҳрида, 64 таси Тошкент вилоятида, 25 таси Наманган вилоятида, 19 таси Жиззах вилоятида, 12 таси Самарқанд вилоятида, 10 таси Навоий вилоятида ҳамда 9 таси Наманган вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 477 нафарга етди. 3 октябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 241 нафар, Тошкент вилоятида 96 нафар, Наманган вилоятида 20 нафар, Жиззах вилоятида 15 нафар, Фарғона вилоятида 10 нафар, Навоий вилоятида 7 нафар, Хоразм вилоятида 5 нафар, Қашқадарё вилоятида 4 нафар, жами 398 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 58 238 нафар бемордан 54 854 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2907 нафар бемордан 573 нафари оғир, 252 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2 октябрь куни 486 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 570 742 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (6,5 миллион киши), Бразилия (4,8 миллион киши), Россия (1,2 миллион киши), Колумбия (841 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 34 миллионга яқин киши касалланган.
Қозоғистонда 3 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 108 106 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 103 110 нафари тўлиқ соғайган, 1725 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 62 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 33 378 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 390 нафари тузалган, 358 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 3 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 47 184 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 43 137 нафари соғайиб, 1065 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2854 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 215 нафар ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.
Тожикистонда 3 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9895 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8707 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 77 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 43 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 3 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 204 502 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 975 859 нафари соғайган, 21 251 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 9859 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 174 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 34,5 миллиондан ортгани ҳақида хабар берилган эди.