Олтиариқда салкам 16,5 млн сўмлик кўмир сотиб олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида фуқаронинг ишончига кириб, пулини 2 ойда бериш шарти билан 12 тонна кўмирни олиб кетиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур воқеа 8 cентябрь куни содир бўлган. Унга асосан фуқаро М.И. Т.В.нинг ишончига кириб, умумий нархи 16 миллион 200 минг сўмлик 12 тонна кўмир маҳсулотларини сотиб олишга келишган. Маълум қилинишича, М.И. кўмир пулларини 2 ой муддатда қайтаришни ваъда қилган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, мазкур эркак ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган кўмир маҳсулотларини бошқа шахсга сотиб юбориб, пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллионлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар