«Ургут» эркин иқтисодий зонасидан ўтган 8 ойда 14 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди

Самарқанд вилоятида «Ургут» эркин иқтисодий зонасидан умумий қиймати 364,4 миллион долларлик (шундан, 67,5 миллион доллари хорижий) инвестициялар ҳисобидан 75 та лойиҳа амалга оширилиб, 5337 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил сентябрь ҳолатига 273 миллион доллар (шундан, 128,4 миллион доллар ўз маблағи, 101,3 миллион доллар банк кредити, 43,3 миллион доллар хорижий) инвестиция ўзлаштирилган.

Қайд этилишича, бу ерда 50 та лойиҳа ишга туширилди ва лойиҳалар доирасида 3287 та янги иш ўрни яратилди ҳамда ишга тушган корхоналар томонидан 2020 йил 1 сентябргача 673 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 14,2 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.

«2020 йилнинг январь—август ойларида қиймати 13,2 миллион долларлик 9 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 350 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Йил якунигача қиймати 38,2 миллион долларга тенг яна 7 та лойиҳа ишга туширилиши ҳамда 750 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилиши белгиланган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, эркин иқтисодий зонада 78,7 миллион доллар (шундан, 15,7 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида) бўлган 25 та лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда ва ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1500 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

Эркин иқтисодий зонада амалга оширилаётган лойиҳалар соҳалар кесимида қуйидагича тақсимланади:

  • фармацевтика саноатида 26,91 миллион долларлик (5,53 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида) 2 та лойиҳа, иш ўринлари сони 133 та;
  • электротехника саноатида 18,12 миллион долларлик 7 та лойиҳа, иш ўринлари сони 526 та;
  • чарм-пойабзал саноатида 17,61 миллион долларлик (600 минг доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида) 12 та лойиҳа, иш ўринлари сони 620 та;
  • озиқ-овқат саноатида 7,3 миллион долларлик 2 та лойиҳа, иш ўринлари сони 154 та;
  • бошқа йўналишларда қиймати 8,7 миллион долларлик (1,1 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида) 5 та лойиҳа, иш ўринлари сони 196 тани ташкил этади.

Ургутлик экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт қилинаётган товарларни қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида Самарқанд божхона пости таркибидаги «Ургут» эркин иқтисодий зонаси пункти божхона ходимлари 24 соат давомида хизмат олиб боришаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўрғон 2020 йилда 330 тонна пилла сотгани ва Самарқанднинг ташқи савдо айланмаси 20,7 фоизга камайгани маълум бўлганди.

Янгиликлар