Ургутда ўтказилган сайёр қабулда 12 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилди
Самарқанд вилояти Ургут тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Отабек Жалиловнинг 1 октябрь, пайшанба куни навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ургут тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Ургут тумани ИИО ФМБ бошлиғи тасдиқланган режа асосида туманнинг «Ватак» маҳалласида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилган. Қабул давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 54 та мурожаат келиб тушган. Шундан 12 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилган.
«Мурожаатларнинг барчаси бўйича қонун ҳамда бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида батафсил тушунтириш берилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинди. Тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига мурожаатларни кўриб чиқиб қонуний қарор қабул қилиш учун кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди», дейилади хабарда.
Қабул сўнгида 3-сектор раҳбари томонидан «темир дафтар»га киритилган кам таъминланган оилаларга совғалар берилган.
Аввалроқ Каттақўрғонда шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи ўтказган қабулда икки нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани ҳамда Марҳаматда вилоят прокурори сайёр қабулида 19 нафар ёшнинг мурожаати қаноатлантирилгани ҳақида хабар берилганди.