Тўрақўрғонда Италия компанияси билан ҳамкорликда эндокринология маркази қурилиш ишлари бошланди
Италиянинг «Opera SRL.» компанияси Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида маҳаллий «ФТ текстиль» МЧЖ билан ҳамкорликда эндокринология марказини очишни режалаштирмоқда. Марказнинг лойиҳа қиймати 8,5 миллион евро бўлиб, 18 ойда қуриб битказилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоят ҳокими Шавкат Aбдураззоқов Италиянинг «Opera SRL.» компанияси вакилларини қабул қилди. Қайд этилишича, водийда ягона тиббий муассаса 4 та операция бўлимидан иборат бўлади. Дастлаб 40 ўринли бўлади, кейинчалик эса бу кўрсаткич 10 баравар оширилади. Бу ерда йил давомида 12 минг киши даволаниши мумкин.
Таъкидланишича, компания директори Паоло де Aнжелиснинг сўзларига кўра, эндокринология маркази Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги илк тиббий лойиҳа ҳисобланади. Унинг доирасида италиялик мутахассислар томонидан маҳаллий шифокорларнинг ўқитилиши ҳам кўзда тутилган.
«Бу лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва амалга оширилиши учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки эндокринология йўналишидаги беморларимиз пойтахтдаги клиникалар, ҳатто чет элларга ҳам бориб даволаниб келмоқда. Қолаверса, бу тиббий туризм борасида ҳам янги қадам бўлади», — деди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, мулоқот якунида «Opera SRL.» компанияси томонидан барпо этилган клиникалар ҳақида ҳикоя қилувчи ролик намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда узунлиги 110 метр бўлган илк монолит йўл ўтказгичининг қурилиш ишлари бошлангани ҳамда Тошлоқда Туркия компанияси билан ҳамкорликда 600 гектар майдонга пахта экилиши ҳақида хабар қилинганди.