Тошлоқда Туркия компанияси билан ҳамкорликда 600 гектар майдонга пахта экилади
Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев Туркиядан ташриф буюрган «Гултас» компания раҳбари Ўмар Гулташ, компания ходими Хусейин Уйсал, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари Расим Качар ва Халил Ундар Туркни қабул қилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, улар билан қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатларини етказиб бериш ва ушбу техникаларни туманда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан суҳбат ўтказган. Кейинги йилларда экиладиган экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда тупроқ иқлим шароити 3 хил тоифадаги экин ерларида жами 600 гектар майдонда пахта етиштириш учун дастлабки келишувлар амалга оширилган.
Қайд этилишича, туманда қўшма корхона очиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш, қишлоқ хўжалиги мутахассисларини ўқитиш, туман пахтачилик кластери билан ҳамкорликда янги пахта навларини яратиш, ҳосилдорликни 50 центнердан ошириш бўйича меморандум имзоланган.
Бундан аввал Пастдарғомга Туркиядан 30 та замонавий сеялка келтирилиши ҳамда Қўқонда туркиялик тадбиркорларга кўп қаватли уйлар қуриш учун ер ажратилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилгани маълум қилинганди.