Қўқонда туркиялик тадбиркорларга кўп қаватли уйлар қуриш учун ер ажратилади

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туркиялик тадбиркорларга 23 та 16 қаватли уй қуриш учун ер ажратиб берилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳар ҳокими ва Туркиядаги қурилиш компанияси раҳбари Хаки Турғун ўртасида музокаралар ўтказилди. Музокаралар давомида Қўқон шаҳрида кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳаси муҳокама этилди.

Шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов тадбиркорга Қўқон шаҳрини «2020—2024 йилларда ривожлантириш дастури»га киритилган 23 та 16 қаватли уйни қуриш учун ер майдони ажратиб бериш ва қурилиш майдонига коммуникация тизимларини етказиб беришга тайёр эканлигини билдирди.

Фото: Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Тадбиркор Хаки Турғун кўп қаватли уйлар қурилишида замонавий «туннель» услубини қўллаш ниятида эканлигини билдирди. Ўтказилган музокаралар натижасида томонлар лойиҳани амалга оширишда маҳаллий қурилиш материаллари ва ишчи кучидан фойдаланишга, эришилган келишувлар бўйича меморандум имзоланишига келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада туркиялик инвесторлар томонидан кўп қаватли уйлар қурилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Сўх туманида савдо ва ишлаб чиқариш маркази қурилади.

Янгиликлар