Сўхда «Gold city» савдо ва ишлаб чиқариш маркази қурилади

Фарғона вилояти Сўх туманида «Gold city» савдо ва ишлаб чиқариш маркази қурилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Gold city» раҳбари Ҳабибулло Юнусовнинг таъкидланишича, ушбу марказ томонидан туманда аҳолини иш билан таъминлаш билан бир қаторда, ўқитиш ва фуқароларни ишлаб чиқариш дастгоҳлари, хомашё билан таъминлаш борасида иш олиб борилади. Аҳолини заргарликка ўқитиш «кичик» академияси, ишлаб чиқариш фабрикаси, ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш учун савдо мажмўаси ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар бўйича иш олиб борувчи марказ ташкил этилади.

Ташкил этиладиган савдо ва ишлаб чиқариш корхонасида 200 га яқин ёш ва ишсиз аҳоли иш билан таъминланиб, 300 га якин ўқувчи ҳунар ўрганади. Туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх туманида «Gold city» савдо ва ишлаб чиқариш марказини ташкил қилиш бўйича асосий мақсад туман ёшларини бандлигини таъминлаш ва туманнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.

Туман ҳокими бошчилигидаги махсус комиссися томонидан туманимизда «Gold city» савдо ва ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш бўйича жой танланиб, марказ туман марказида бунёд этиладиган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда қиймати 100 миллион долларлик савдо комплекси қурилиши бошланганди. Шунингдек, Наманган шаҳрида шоппинг туризми ривожлантирилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар