Қўқонда алимент тўламай келган отадан салкам 23 млн сўм ундирилди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 34 ой давомида алимент тўламай келган отадан салкам 23 миллион сўм ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси «Теz News»га маълум қилди.
Таъкидланишича, мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлимида фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ж.Ў.дан ундирувчи Ж.М. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун даромадининг 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Ижро иши бўйича қарздор Ж.Ў ўз фарзандлари учун алимент пулини охирги марта 2017 йил июль ойида берган бўлиб, шундан сўнг у Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетиб қайтиб келмаган. Орадан 34 ой ўтгач Ж.Ў. Россияга ишлаш мақсадида хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштираётган вақтида Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари чекланганлигини билган. Шундан сўнг Ж.Ў. ўз ихтиёри билан бюронинг Қўқон шаҳар бўлимига ҳисобланган 22 миллион 610 минг сўм алимент пулларини нақд шаклда келтириб давлат ижрочисига топширган.
Аввалроқ Бағдоддаги акциядорлик жамиятидан 780 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.