Оскар мукофотининг 2021 йилги тақдирлаш маросимини ўтказиш шакли ўзгарди

Америка киноакадемиясининг баёнотига кўра, Оскар ташкилотчилари 2021 йилдаги мукофотларни топшириш маросимида Zoom’дан фойдаланилмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда «Variety» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, маросим ташкилотчилари Zoom’даги виртуал алоқа ва видеоқўнғироқларга рухсат бермаган. Бироқ 3400 ўринли «Dolby» театрида маросимни ўтказиш, коронавирус тарқалишига қарши кўриладиган чоралар ва анъанавий қизил гилам тўшалган йўлакдан ўтиш каби одатлар шакли номаълум бўлиб қолмоқда. Тахминларга кўра, академия сентябрь ойида офлайн ва гибрид форматда бўлиб ўтган Венеция кинофестивали ва Эмми мукофотлари тажрибасидан фойдаланиши мумкин. Эмми маросими сентябрь ойида гибрид шаклда бўлиб ўтган. Баъзи меҳмонлар ва номзодлар маросимни ўша ерда ўтказган, баъзилари эса ўз уйларидан Zoom орқали кузатиб борган.

«Variety» манбасига кўра, академия маросимни «Dolby» театрида ўтказиш масаласини қайта кўриб чиқиб, барча мақбул вариантларни баҳолаб кўрмоқда. Аммо театр вакиллари ушбу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумот учун, COVID-19 пандемияси кино саноатига катта зарар етказиб, кинотеатрлар ёпилган ва кино ишлаб чиқариш бир муддат тўхтаб қолган. Академия вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларни қабул қилиш муддатини 2021 йил 28 февралга қадар узайтирган ва премьера кинотеатрларда эмас, балки виртуал платформаларда намойиш этилишини маълум қилган эди. Шу муносабат билан Netflix’га рекорд даражадаги Оскар номинациялари тақдим этилган.

Аввалроқ Ўзбекистондан қайси фильм Оскар мукофотига тавсия этилгани маълум бўлган эди. Унга кўра, 93-Оскар мукофотига «Фариданинг икки минг қўшиғи» номзод этиб кўрсатилган.

Янгиликлар