Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш учун белгиланган жарима миқдори камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш учун белгиланган жарима миқдори уч баравар камайтирилиши мумкин. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолати учун белгиланган жарима миқдорларини қамайтириш таклиф қилинган. Қўмита таклифига кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жаримани БҲМнинг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни такроран содир этилганда жарима миқдорини ошиши ҳам бекор килиниши кутилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда қўмита аъзоси, депутат Фарҳод Ашматов томонидан Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч баравари яъни 668 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Айни ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳайдовчига БҲМнинг беш баравари (1млн 113 минг сўм) миқдорида, учинчи марта содир этилиши эса БҲМнинг ўн баравари (2млн 225 минг сўм) миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Аввалроқ Қамчиқ довонидаги йўлларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилгани ва нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди.