Сирдарёда ҳам 7 бола «Док-1 Макс»дан заҳарланди

Сирдарё вилоятида ҳам «Док-1 Макс» сиропидан 7 бемор заҳарланди. Уларнинг 4 нафари соғайган, 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида қолмоқда. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонова маълум қилди.

«Болалар шифокори сифатида сирдарёликларга мурожаат қилмоқчи эдим. Барчамизга маълумки, бир неча кундан буён болаларимиз орасида «Док-1 Макс» дори воситасини қабул қилгандан сўнг, ножўя таъсирларини кўряпмиз. Бу ҳолат бизнинг вилоятимизда ҳам 7 нафар беморда қайд этилиб, бугунги кунда 4 нафари соғайиб чиқди, 3 нафари жонлантириш бўлимида муолажаларни давом эттирмоқда», дейди Эсонова.

У ота-оналардан ушбу дори воситасини сотиб олмаслик, ичирмасликни сўраган. Шунингдек, вилоятда 6 ёшгача бўлган боласи бор оилаларга хабарномалар тарқатилганини айтган.

«6 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир хонадонга хабарнома тарқатилган. Агар охирги пайтларда «Док-1 Макс» дорисини қабул қилган фарзандлар бўлса, ўша ҳудудда ишлаётган оилавий шифокорга мурожаат қилиш, ҳеч қандай таъсири кўринмаган ҳолда ҳам шу дори воситасини истеъмол қилганини маълум қилишларини сўраб қоламиз», дейди Эсонова.

У, шунингдек, болаларда холсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилса шифокорга мурожаат қилиш зарарлигини эслатган.

Янгиликлар