Ўзбекистонда суғуртани қоғоз кўринишида расмийлаштириш тўхтатилади

Ўзбекистонда суғурта полисини расмийлаштириш амалиёти онлайн тартибда амалга оширилади, дейилган президент Шавкат Мирзиёев қарорида.

Ҳужжатга кўра, 1-сентябрдан бошлаб барча турдаги суғурта полисларини қоғоз шаклида расмийлаштириш тажрибаси бекор қилинади.

Суғурта шартномасини рўйхатдан ўтказиш ва барча турдаги суғурта полисларини расмийлпштириш Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб:

  • Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномаларини расмийлаштириш ва суғурта полисларини рўйхатдан ўтказиш барча учун мажбурий саналади;
  • барча турдаги суғурта полисларини фақат қоғозли кўринишда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;
  • Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали суғурта полисларини расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб тан олишга асос бўлади ҳамда лицензион талаблар ва суғурталовчи шартларини қўпол равишда бузиш саналади;
  • Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифати бўйича рейтинг тузади ва уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Мажбурий суғурталаш шартномалари ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш қуйидаги муассасалар зиммасига юклатилади:

  • иш берувчи ва ташувчининг фуқаролик масъулияти — Солиқ комитети ва Транспорт вазирлигига;
  • хавфли саноат объектларидаги авария оқибатида бошқа шахслар ҳаёти, соғлиғи, мулкига ва атроф-муҳитга зарар етказилгани учун фуқаролик масъулияти — тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлиги инспекциясига;
  • давлат маблағлари эвазига объектлар қуриш вақтида қурилиш хавф-хатарлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар — Қурилиш ва уй-жой маиший хўжалик вазирлигига.

Янгиликлар