Навоийда 44 ёшли ва Қашқадарёда 70 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этди

Навоийда 44 ёшли ва Қашқадарёда 70 ёшли эркак коронавирус асоратидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшаган 44 ёшли Ш.Т. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболияси асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, «стабиль» зўриқиш стенокардияси, гипертония, эпилепсия каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболиясидан вафот этган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшаган 70 ёшли Т.Р. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 3 август ҳолатига кўра 159 нафарга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тойлоқ тумани прокурори Фарход Абдухоликов, чинозлик «Аҳмадбой» устидан ҳукм чиқарган судья Хайриддин Шермуҳамедов, коронавирус асоратидан, «Ўзбектуризм» раисининг биринчи ўринбосари пневмониядан вафот этган эди.

Янгиликлар