Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун 100 млн доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолатлар, жумладан, коронавирус пандемиясига нисбатан барқарорлигини ошириш учун 100 миллион доллар миқдорида қарз ажратилишини маъқуллади.

«Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг сифати, хавфсизлик стандартлари, протоколлари ва хизматларини яхшилаш орқали мазкур лойиҳа Ўзбекистон аҳолисини COVID-19 ва келажакда саломатликка таъсир қилиши мумкин бўлган таҳдидлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ушбу лойиҳа ОТБ томонидан мамлакатга ажратилаётган қўллаб-қувватлаш комплекс пакетининг бир қисми ҳисобланади. У ҳукуматнинг инқирозга қарши чора-тадбирлари ва жорий техник ёрдам учун 500 миллион доллар миқдоридаги қарзни ҳам ўз ичига олади», — дейди ОТБ вице-президенти Шисинь Чен.

Хабарда таъкидланишича, Кенгаш маъқуллаган тақдирда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки мазкур лойиҳа учун 100 миллион доллар миқдорида, Ўзбекистон ҳукумати эса яна 57 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.

«COVID-19’га тезкор реакция қилиш» лойиҳаси мамлакат бўйлаб 38 та лабораторияда коронавирус ва у билан боғлиқ касалликларга тест олиш имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа доирасида тиббиёт ходимлари учун хавфсиз ишлаш шароитларини таъминлаш ва уларни индивидуал ҳимоя ва бошқа тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун лабораториялар таъмирланади.

Шунингдек, 80 фоиздан ортиғини аёллар ташкил қилувчи тиббиёт ходимлари ва касалликни юқтириш хавфи юқори бўлган муассаса ходимларига диагностика хизматларидан фойдаланишда устуворликлар тақдим этилади.

Лойиҳани амалга ошириш зудлик билан бошланади ва 2022 йилнинг июль ойида якунланиши керак. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги лойиҳани бажарувчи органлар саналади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ОТБ президенти Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ҳамда жиҳозлаш учун 100 миллион доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганини маълум қилганди.

Янгиликлар