Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларининг 2020/2021 ўқув йилидаги қабул имтиҳонларига ўзгартириш киритилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонларига 2020/2021 ўқув йили учун истисно тариқасида ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Meros.uz»

Маълум бўлишича, олий диний таълим муассасаларида қуйидагича қабул имтиҳонлари ўтказилади.

Тошкент ислом институти ва Мир Aраб олий мадрасасида:

• 1-блок «Фиқҳ ва ақоид» фани тест синови: 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,2 балл берилади, жами 96 балл;

• 2-блок «Ўзбекистон тарихи» фани тест синови: 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,1 балл берилади, жами 93 балл.

Ҳадис илми мактабида:

• 1-блок «Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис» ижодий имтиҳон, жами 96 балл;

• 2-блок «Ўзбекистон тарихи» фани тест синови: 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,1 балл берилади, жами 93 балл.

Олий диний таълим муассасаларининг қабул имтиҳонлари Республика махсус комиссияси томонидан карантин тартиблари юмшатилгандан сўнг санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Давлат тест маркази томонидан катта сиғимли биноларда ўтказилади.

Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили учун ҳам қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши режалаштирилган. Тест синовлари Давлат тест маркази баёнотида айтиб ўтилганидек, катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн трансляцияда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида қабул имтиҳонларини ўтказиш вақти бўйича қўшимча маълумот берилади.

Aввалроқ Бухоро вилоятидаги Мир Aраб олий мадрасасида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш 20 июлга қадар давом этиши ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар