Самарқанднинг қайси ҳудудларида газ таъминоти яхшилангани маълум қилинди

Самарқанд вилояти аҳолиси ва саноат корхоналарини 2019—2020 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали томонидан 2020 йилнинг июль ойигача режадаги қатор ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда таъминот филиали матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали

«Хўжақишлоқ» маҳалласига 1,4 километр газ қувури тортилди. Натижада 2 та маҳалланинг 650 та хонадонида газ таъминоти яхшиланди. Шунингдек, Регистон кўчасидан Андижон кўчасигача ўрта ва паст босимли 1,8 километр газ қувурлари қурилиши натижасида 4 та маҳалладаги 1900 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланди. Самарқанд аэропорти қозонхонаси ва аэропорт атрофидаги кўп қаватли хонадонларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида, 1,2 километр газ қувури монтаж қилинди. Қозонхона ва 120 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланди.

Бундан ташқари, «Шодлик» маҳалласидан А.Темур ва Бўстонсарой кўчалари орқали Университет хиёбонигача, М.Улуғбек кўчасидан Мир Саид Барака кўчаси орқали Завод кўчасигача 6,7 километр ва У.Турсунов кўчаси орқали вилоят Матбуот уйигача 1,3 километр газ қувурлари тортилди. Самарқанд шаҳрининг 18 та маҳалласидаги 12 250 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг 13 та маҳалласидаги  7500 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланади. Оқдарё ГТСдан Ал-Бухорий мажмуасигача 18,0 километр юқори босимли келтирувчи газ тармоғи қурилиши якунига етказилди.

«Ургут» ЭИЗ Мерганча ва Сариқтепа массивларидаги улгуржи истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида Тойлоқ туманидаги «Ургут-1» ГТСидан 29,5 километр алоҳида газ тармоғининг ҳозиргача 16,5 километри қуриб битказилиб, қурилиш ишлари давом этмоқда.

Ургут ЭИЗ «Хишрав-2» массивида 6,7 километр газ қувури қурилиб, ушбу массивдаги ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб берилди.

Ургут ЭИЗ «Сазаған» массивида 18,3 км газ қувурининг монтаж ишлари тугатилган. Ушбу массивдаги янги қурилаётган ишлаб чиқариш қорхоналари доимий табиий газ билан таъминланиши ортидан аҳоли учун қўшимча янги иш жойлари ташкил қилинади.

Аввалроқ Самарқандда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Шунингдек, «Hududgaz Andijon» интернетда тарқалган «Маҳаллага газ керак!» сарлавҳали хабарга муносабат билдирди.

Бундан ташқари, Бухорода 6 ой ичида 8 мингга яқин газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар