Шавкат Мирзиёев ҳудудларда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилиш ва саралаш марказларини ташкил этиш кераклигини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 август, сешанба куни навбатдаги видеоселектор йиғилишини ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон бўйлаб коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳудудларда COVID-19’га чалинганларни қабул қилиш ва саралаш бўйича марказларни ташкил этган ҳолда кичик шифохоналарни ўз профилига мувофиқ бошқа турдаги ва сурункали касалларни даволашга қайтариш лозимлигини айтган. Шунингдек, Президент жойлардаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизими ишини янада жонлантириш кераклигини таъкидлади.

«Мисол учун, Тошкентда оилавий поликлиника – мобиль бригадалар – махсус поликлиникалар – ‘103’ тез ёрдам хизмати тизимининг узвий ишлашини таъминлаш ҳисобига бир ҳафтада соғайганлар улушини 45 фоиздан 58 фоизга оширишга эришилди», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга ҳокимликлар ва сектор раҳбарлари билан бирга бир ҳафта муддатда «Тошкент шаҳри тажрибаси» негизида ҳудудларда симптомсиз беморларни ўз уйида мобиль тиббий гуруҳлар ёрдамида уларнинг кўмак ва тавсиялари асосида даволаш тизимининг жорий этилишини якунлаш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев бир ҳафта ичида коронавирус вакцинасини харид қилиш йўлларини ўрганиб чиқиш ҳақида топшириқ берган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилгани маълум қилинди.

Янгиликлар