АОКА Наманган вилояти бошқармасига раҳбар тайинланди
Алибек Алишерович Эргашев Президент Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати маълум қилди.
Алибек Эргашев 2009 йилда Тошкент Давлат жаҳон тиллар университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. 2019 йилдан ҳозирга қадар Бошқармада Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектори мудири лавозимида фаолият юритиб келган.
Агентлик директори Асаджон Ходжаевнинг 2020 йил 2 сентябрдаги буйруғи билан Алибек Эргашев Наманган вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Маълумот учун, Агентлик Ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Аввалроқ Бухоро вилояти Ёшлар ишлари агентлигига янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Давлат ва хўжалик бошқарув органларида ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш бошқармасига янги бошлиқ тайинланган.