Наманганда мактаб олдидаги кўприк носозлиги акс этган видео тарқагач, уни тузатишга 1 ҳафта вақт берилди
Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги 19-умумтаълим мактабига кириш олдидаги кўприкнинг носозлиги акс этган видеолавҳа тарқаган эди. Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Видеолавҳада мактаб олдидаги кўприк яроқсиз бўлганлиги учун ўқувчилар учун хавф туғдириши айтиб ўтилган.
Мазкур лавҳада келтирилган ҳолат вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар халқ таълими бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.
«Ўрганиш жараёнида 19-умумтаълим мактабига кираверишга ўрнатилган кўприк, ҳақиқатан ҳам, яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли 10 сентябрга қадар ‘Заркент’ МФЙ ҳудудида яшовчи ҳомийлар кўмагида қайтадан таъмирланадиган бўлди», — дейилади баёнотда.
Аввалроқ Каттақўрғонда 14 йилдан бери фойдаланилмаётган боғча капитал таъмирлангани, Самарқандда 2020 йилда ичимлик суви ва сув-оқова тизимларини реконструкция қилиш учун 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани хабар қилинган эди.