Самарқандда 2020 йилда ичимлик суви ва сув-оқова тизимларини реконструкция қилиш учун 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган

Самарқан вилояти ҳокимлигида 28 август, жума куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг ХIII сессияси видеоселектр шаклида бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Унда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари иштирок этган.

Сессияни кенгаш раиси вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов олиб борган. Йиғилишда дастлаб вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги масала кўриб чиқилган. Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Феруз Aбиловнинг ахбороти тингланган.

«Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган асосий ялпи ички маҳсулотимизнинг 40 фоизини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади. Aгар буни занжирли олиб борадиган бўлсак, саноатга боғланиб кетадиган улуши ҳам бир қанчани ташкил этади», — дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.

Муҳокамалар давомида депутатлар вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини сунъий оширмаслик борасида олиб борилган ишлар юзасидан саволлар берган. Шунингдек, сессияда «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ директори Комил Юсуповнинг 2021—2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастурига вилоят бўйича киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви, канализация хизматлари таърифлари юзасидан ахбороти тингланган. Таъкидланишича, вилоятда ичимлик суви ва сув-оқова тизимларини қуриш, реконструкция қилиш учун 2020 йилнинг ўзида жами 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, сессияда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов умумий ўрта таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишлари юзасидан ахборот берган. Сессия якунида унда муҳокама этилган масалалар юзасидан кенгаш қарорлари қабул қилинган.

Аввалроқ вилоятда 100 дан ортиқ ижтимой соҳа объектини қуриш ва таъмирлашга 450 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши, 6 ой давомида ерларнинг талон-торож қилиниши юзасидан 1,6 миллиард сўмлик зарар ундирилгани ҳамда вилоят Солиқ бошқармасининг «ишонч телефони»га 7 ой мобайнида қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.

Янгиликлар