Самарқандда 100 дан ортиқ ижтимой соҳа объектини қуриш ва таъмирлашга 450 млрд сўм маблағ йўналтирилади

Самарқанд вилояти ҳокимлигида 25 август, сешанба куни ўтказилган навбатдаги аппарат йиғилишида инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ишларининг бориши видеоселектор шаклида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йигилиш давомида Президентнинг 2020 йил 10 январдаги фармонига мувофиқ инвестиция дастурига киритилган ва инқирозга қарши жамғарма маблағлари ҳисобидан қурилаётган ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати муҳокама қилинган. Дастлаб йиғилиш иштирокчиларига ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган мониторинг натижалари асосида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилган.

«Тасдиқланган дастурга мувофиқ, вилоятдаги 101 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 456 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бу объектларнинг 54 таси умумтаълим мактаби, 47 таси мактабгача таълим муассасаси, 19 таси соғлиқни сақлаш муассасаси, 2 таси университет ва 7 таси бошқа муассасалардир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда олиб борилаётган қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларида бир қатор камчиликлар аниқланган.

«Деярли барча объектларда муаллифлик назорати мавжуд эмас. Қурилишлардаги қўпол қоидабузарликларни кўриш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Видеотасвирларда қурилиш материалларини тежаш орқали бинолар барпо этилаётганини кўриш мумкин», — дейди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўз фаолиятига бепарво бўлган қурилиш компанияларини танқид қилган. Сектор раҳбарларини қурилиш ишларини доимий кузатиб боришга ва сифатга алоҳида эътибор қаратишга чақирган. Шунингдек, вилоят молия бошқармаси бошлиғига қурилиш ишларини молиялаштириш, яъни бажарилган ишларга ҳақ тўлашда камчиликларга йўл қўяётганлиги кўрсатиб ўтилган.

«Шу ўринда савол туғилади — нима учун тегишли ташкилот раҳбарлари ушбу ишларга эътибор бермай келмоқда? Лоқайдлик ва бепарволик жамиятимизнинг асосий душмани»,— дейди Эркинжон Турдимов.

Йиғилишда вилоятда инвестиция дастури бўйича олиб борилаётган қурилиш ишларига эндиликда вилоят прокурори томонидан ҳам назорат ўрнатилиши маълум қилинган. Бундан ташқари, аппарат йиғилиш кун тартиби доирасида, шунингдек, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича мавжуд ишларнинг ҳолати ҳам муҳокама этилган.

Аввалроқ Самарқандда 6 ой давомида ерларнинг талон-торож қилиниши юзасидан 1,6 миллиард сўмлик зарар ундирилгани, вилоят Солиқ бошқармасининг «Ишонч телефони»га 7 ой мобайнида қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилгани, шунингдек, вилоятда ўтган 6 ой давомида 14 миллиард сўмлик зарарлар ундирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар