Шофиркон ва Ғиждувонда ҳожатхонаси талаб даражасида бўлмаган «заправка»ларга огоҳлантириш хати юборилди

Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Ғиждувон туманларида санитария-гигиена шохобчалари талаб даражасида бўлмаган ёқилғи қуйиш станцияларига огоҳлантириш хатлари берилди. Бу ҳақда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги қарори ва 2020 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари, қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКШ, АГҚШ ва АЁҚШларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўймаслиги белгиланган.

Мазкур қарорга мувофиқ Шофиркон тумани ҳудудида жойлашган жами 17 та ва Ғиждувон тумани ҳудудида жойлашган жами 53 та объектларда санитария-гигиена шохобчаларини қуриш ва уни талаб даражасига келтириш назарда тутилган.

Хусусан, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти, вилоят ДСЭНМ, Бухоро вилояти «Ўзнефтгазинспекция» ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида мазкур қарор ижросига мувофиқ 1 сентябрь кунига қадар битказиб топширилиши лозим бўлган:

  • Шофиркон туманидаги «Газ Оил Ман сервис» МЧЖга, «Икром Одил» МЧЖга, «Оил Нетворк» МЧЖга тегишли АЁҚШ, АГТКШларда;
  • Ғиждувон туманидаги «Ал-Мансур» МЧЖга, «Бухоро Нефт базаси»га ва яна бир қанча МЧЖга тегишли АЁҚШ, АГҚШ, АГТКШларда санитария-гигиена шохобчаларининг қурилиши ва уни талаб даражасига келтирилиши ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аниқланган.

Ўрганиш якунида вилоят ишчи-гуруҳи томонидан расмий огоҳлантириш хатлари берилган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 сентябрдан ҳожатхонаси йўқ АЁҚШларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар