Ўзбекистонда 1 сентябрдан ҳожатхонаси йўқ АЁҚШларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги мумкин
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ, санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АЁҚШлар 1 сентябрдан фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги мумкин. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги «Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 793-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГҚС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)нинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг 2020 йилнинг 1 сентябрдан фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслигини белгиланган. Ушбу чеклов коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлаш орқали камайтириш, мавжуд санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда туризм соҳасини қайта тиклаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, АГТКС, АГҚС ва АЁҚС ҳудудида санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаслик ҳамда Республика ва Ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари томонидан аниқланган камчиликларнинг 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар бартараф этилмаслиги:
«Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳудудий бўлинмалари томонидан — АГТКСларга газ етказиб беришни вақтинча тўхтатиш;
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳудудий нефть базалари томонидан аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилмагунича АЁҚСларга нефть маҳсулотлари етказиб беришни вақтинча тўхтатиш ёки мувофиқ нефть маҳсулотлари етказиб бериш шартномасини бекор қилиниши мумкинлиги маълум қилинган.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 20—21 август кунлари газ ўчирилиши, Зарафшон шаҳрида 1877 нафар фуқаро хонадонига суюлтирилган газ етказилгани ва Бухорода 168,5 мингга яқин газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида хаабр берилганди.